Адвокатлик фаолиятида қонун ҳужжатларида ман қилинмаган усуллар ва воситаларни қўллаш принципи. Адвокатнинг жамиятда тутган ўрни, жиноятчиликка қарши курашда ва фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли катта. Адвокат фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний усул ва воситалар билан ҳимоя қиладиган профессионал ҳуқуқшунос. Адвокат фаолиятига ёндашишдаги турли нуқтаи назарни таҳлил қилиш мумкин, унинг шаънига билдирилган салбий муносабатларнинг сабабчиси ўз вазифасини ғайриқонуний усул ва воситалар билан амалга оширадиган айрим нобакор адвокатлар эканлигини кўрамиз ва шу муносабат билан биз қуйида ҳимоячи ўзига юклатилган топшириқни бажаришда қонун қандай ҳаракатларни содир қилишни ман этишини кўриб чиқамиз.

       Шунинг учун  адвокат ўз ҳимоясига олган шахсга нисбатан тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, гумондор, айбланувчи ёки судланувчи билан суҳбатлашиб, мижози томонидан содир қилинган ҳаракат жиноят эканлигини билиб ёки унинг қилмишида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ёхуд унинг (мижознинг) содир қилинган жиноятга дахлдор эмаслигини аниқлаб қуйидаги ҳаракатларни бажармаслиги лозим, адвокат содир этилган жиноятнинг исботланишини қийинлаштириш, ҳақиқатни яшириш мақсадида мижозга қуйидаги маслаҳатларни бериши мумкин эмас:

  • ёлғон кўрсатма бериш, илгари берган кўргазмасини қисман ўзгартириш ёки ундан воз кечиш;
  • тергов ёки судни чалғитиш мақсадида сохта гувоҳлар топиш ва уларни мижоз манфаатларига мос кўргазма беришга тайёрлаш;
  • иш бўйича гувоҳ шахсларни алдаш, моддий манфаатдор қилиш ва бошқа йўллар билан уларнинг кўргазмаларини ўзгартиришга ҳаракат қилиш, жабрланувчига бевосита ўзи ёки бошқалар орқали таъсир ўтказиб, уни кўргазма беришдан воз кечишга ундаш ёки нотўғри кўргазма беришга мажбур қилиш;
  • иш бўйича мижознинг манфаатларини ҳимоя қиладиган қалбаки маълумотлар, ҳужжатлар йиғиш ва уларни тергов ёки судга тақдим этиш;
  • иш бўйича аҳамиятли бўлган далилларни гумон остига қўйиш учун мижоз манфаатларига мос келадиган қалбаки хулосаларни экспертлар билан келишиб олиш, ишга мутахассис ёки таржимон сифатида жалб қилинган шахсларга таъсир ўтказиб, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қиладиган фикрларни олиш;
  • иш бўйича жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар деб топилган шахсларнинг ички сирларини ёки уларни шарманда қилувчи маълумотларни тўплаб, ушбу ҳолатларни ошкор қилиш билан уларни қўрқитиш;
  • ўз ҳимоясидаги шахсга ёки унинг яқин қариндошларига у гумон қилинаётган, айбланаётган, судланаётган жиноятнинг характери ва моҳиятини атайлаб бузиб кўрсатиш, яъни содир этилган ҳаракатнинг аҳамиятини ва келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни камайтириб ёки ошириб, кўпиртириб кўрсатиш;
  • адвокат ҳимоясидаги шахснинг жиноят содир қилмаганлигини, унга қарши тўпланган далилларнинг етарли эмаслигини билиб, дастлабки тергов ёки суд идораларининг ходимлари билан келишиб, мижозига алдаш, қўрқитиш ёки ишонтириш йўллари билан таъсир ўтказиб, унга айб қўйишда ёрдам бериш мақсадида мижозини жиноятни содир этганликда иқрор қилдириш ёки ундаш ёхуд унинг манфаатларига зид бошқа ҳаракатларни содир этиш;
  • мижоз томонидан содир қилинган жиноятда мавжуд бўлган жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни била туриб, бу ҳақда унга айтмаслик ва жиноят ишини олиб борадиган шахсларга ушбу ҳолатларни  кўрсатувчи илтимоснома, талабномаларни киритмаслик;
  • жиноят иши материаллари билан танишмасдан туриб, ҳимоячи танишганлиги ҳақидаги баённомага имзо чекиш ва умуман, шахсан иштирок этмаган процессуал ҳаракатларда қатнашганлиги ҳақида имзо қўйиш;
  • иш бўйича унга маълум бўлган ва ҳимоясидаги шахс билан суҳбатлашганда унга айтилган воқеа тафсилотларини мижознинг рухсатисиз дастлабки тергов ёки суд органларига хабар бериш;
  • ҳимоясидаги шахснинг рухсатисиз унинг содир қилган ҳаракати ҳақидаги ахборотни унинг иш жойига, ўқиш жойига ва умуман, мижознинг яқин кишиларига ёки бошқа шахсларга ошкор қилиш;
  • ҳимоясидаги шахснинг содир қилган қилмиши Жиноят кодексида енгил жазони кўзда тутувчи модда билан малакаланган бўлса, унинг ҳаракатини оғирроқ жазони кўзда тутувчи модда билан малакалашни талаб қилиш;
  • ҳимоясидаги шахснинг манфаатларига зид бўлган ва иш бўйича жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар деб топилган шахслар, уларнинг вакили, ҳимоячиси ёки қариндошлари билан учрашиб, мижознинг сирларини уларга айтиш;
  • ишни олиб бораётган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья билан мижоз ва унинг қариндошлари орасида воситачилик қилиш;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг адвокатга берадиган топшириқлари жамият манфаатларига, амалдаги қонунларга хилоф бўлса ундан воз кечмаслик.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар адвокатлик фаолиятида, қонун ҳужжатларида ман қилинган усул ва воситалар ҳисобланиб, қонунчилигимиз ҳимоячи (фуқаровий ишлар бўйича вакили) ўз мижозининг манфаатларини қонунда кўрсатилган ваколатлар доирасида, амалдаги қонунларга мувофиқ усул ва воситалар билан ҳимоя қилиш принципига содиқ қолиши лозимлигини белгилайди.