Адвокат ўзи ким? Адвокат (судда айбдорни ёқловчи, ваколат бўйича томонлардан бирининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ёки ҳуқуқ масалалари бўйича маслаҳат берувчи юрист); 

Ким адвокат бўлиши мумкин? “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ олий юридик маълумотга эга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси адвокат бўлиши мумкин. 

Адвокатлик сири нима? Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Юридик хизматнинг жамиятдаги ўрни. Юридик хизматнинг жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ қилишдаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятини яна бир бор таъкидлаб ўтиш жоиздир. Юридик хизмати ёрдамида:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларда ҳуқуқий ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда қонун устуворлигини амалда таъминлаш;
  • хўжалик юритиш ва бошқарувнинг кундалик фаолиятида ҳуқуқ нормаларидан амалда фойдаланишни яхшилаш;
  • жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалиётга татбиқ қилишни таъминловчи механизмни ишлаб чиқиш;
  • ҳар қандай қонун бузилишлар ва жиноятларнинг (айниқса, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг) олдини олиш;
  • мансабдор шахслар ва барча тоифадаги мутахассисларнинг ҳуқуқий маданиятини кўтариш;
  • хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг ходимлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш мумкин.